Булбул куйин шеърга солган адиб
Ҳар бир адибнинг ижодиёти аслида, тилнинг бойлигини, нафосати ва назокатини кўрсатувчи мезондир. У хоҳ насрий шаклда, хоҳ назмий йўсинда бўлсин, қайси адабий турда ижод этмасин, муайян халққа мансуб бўлган тилнинг имкониятларини ўз ижодий маҳорати, сўз қўллаш истеъдоди орқали намойиш этади.
Шу ҳақда гап кетганда, халқ шоири Абдулла Орипов ижодиёти юқоридаги фикримизга яққол мисол бўла олади. Унинг шеърияти ўзбек тилининг барча имкониятларини, ифода воситаларини қўллаш орқали ҳамда лексик қатламга ўз муносабатини билдириш йўсинида қимматлидир. Жорий йилнинг 7 октябрида "Адиблар хиёбони"да ўтказилган тадбир "Она тилим, сен борсан шаксиз, Булбул куйин шеърга солурман" деб номланди.
Сўзнинг таъсир кучи ҳақида, адабиётнинг пойдевори бўлган тилнинг имконияти ва унинг муҳим мезони бўлган сўз ҳақида Абдулла Ориповнинг ушбу битиги бежиз эмас:
Сўз асли пайғамбар,
У боис балки одамзод
Таниган ўз худойини
Эриган темирнинг парчаси каби
Ўртаб юборади теккан жойини.
Мана сўзнинг қай даражада таъсирчанлиги борасида шоирнинг эътирофи. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси аниқроғи, талаба, магистрант ва профессор-ўқитувчилари ҳар чоршанба куни, яъни муродбахш кун Абдулла Ориповнинг ҳайкали пойида гулчамбар қўйиб замондошларининг шоир ҳақидаги хотиротларини эшитиш ва адиб ижодига дахлдор бўлган шеърлардан ўқиш асносида шеърхонлик қилиш, маънавий-маърифий тадбир ташкил этишлари анъана тусини олганлиги рост. Бу гал куни кеча институтимизнинг “Гидромелорация ишларини механизациялаш” факультети жамоаси ташриф буюришди. Институт проректори Рўзимурод Чориев ва “ГИМ” факультетининг декани Бегмат Норов бошчилигидаги талабалар жамоаси янги маълумотлар, янги маънавий озиқдан баҳраманд бўлишди десак, муболаға бўлмайди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси, сенатор, Ўзбекистон халқ шоири, Сирожиддин Саид устозлари Абдулла Орипов ҳақидаги хотиротлари билан ўртоқлашди. Халқ шоирининг шеъриятида тилга бўлган муносабат масаласида ўзининг мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Сўнгра сўз Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевга берилди. Айни пайтда Ёдгор Саъдиев шоирнинг шеъриятига бўлган муҳаббати кучли экани, ҳаётлик пайтида оилавий борди-келди ҳам бўлганлиги ва унга экспромт тарзда, импровизацион, яъни бадиҳагўйлик йўли билан шеър боғлагани ҳақида гапирди. Вазиятга мос ва хос сўзни тўқиб шеър қила олиш маҳоратига қойил қолгани, ва устози, халқ артисти Наби Раҳимов ҳақида худди шундай шеър тўқиб берганлигини хотирладилар. Айни пайтда Абдулла Ориповнинг халқ оғзаки ижодиётига монанд усулда "Шарқ афсонаси" деб номланган шеърини ёддан ўқиб давра аҳлининг эътиборини қозонди.
Факультетимизнинг талабалари ўзларнинг ижодидан айни пайтда улуғ шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб бўлган шеърлардан ўқишди. Улардан завқланган факультет декани Бегмат Норов ҳам Абдулла Ориповнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" деб номланган шеърини мароқ билан ўқиб ҳаммага завқ ва шавқ бахш этди.
Шундан сўнг тадбирда жуда кўплаб таниқли санъаткорларнинг ижод мундарижасидан шеърлари ўрин олган истеъдодли шоир Шарофиддин Болтабаев таклиф этилди. У устозларга эҳтиром рукнида бир қанча шеърларидан ўқиб даврга файз киритди. Таълим муассасамизнинг фаолияти ва шоир ижодиётига бўлган қизиқишларини зимдан кузатиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров ҳам ўз фикрларни эътироф этиб, нофилологик йўналишда бўлса ҳам адабиётга шеъриятга ошуфта бўлган таълим муассасасимиз ҳақида ўзларининг илиқ дил изҳорларини, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Сўнгра "Ёшлик" журналининг бош муҳаррири Нурали Чори бир қанча журнал нусхаларини келтириб тарқатди. Ва унда институтимизнинг иқтидорли, ижодкор талабаларининг шеърлари жо бўлганлиги барчамизни хушнуд этди. Даврада модераторлик қилган институтимиз матбуот хизмат раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов шоирнинг ушбу шеърини ифодали тарзда ўқиб берди.
Минг йилларки булбул каломи
Ўзгармайди яхлит хамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид хамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг шубҳасз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
Бу ўринда булбул ва тўти фалсафаси тилимизга бўлган муносабатни, меҳрни англатувчи мезон сифатида ижтимоий бадиий тафакурнинг оҳорли, ташбеҳона ифодаси сифатида катта аҳамият касб этганини таъкидлади. Шоир ижодиётини ўрганиш, унинг чоп этилган ва чоп этилмаган ижод дурдоналарини оммалаштириш, тарғиб ва ташвиқ этиш таълим муассасамиз зиммасига юкланган экан, бу биз учун шараф. Шунинг учун ҳам биз шоир ижодини чуқурроқ ўрганамиз, унинг шеъриятидаги фалсафийлик ва мусиқийлик ўзаро уйғун тарзда маънодорлик касб этади.
Тадбир якунида институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурод Чориев иштирокчи меҳмонларга ва тадбир ташкилотчиларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдириб шоир шеъриятини тарғиб этишда бардавом эканлигимизни қайд этди.
Ортиқ Рўзибоев
ГИМ факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари