Сўз сеҳридан шеър меҳрига

Ҳар бир даврнинг, ҳар бир маконнинг ўз муаммолари, талаблари бўлиши табиий. Ижодкор инсонлар йўл топиб ўз сўзини, фикрини турли шаклларда ифода этиб келганлар. Шунинг учун ҳам Президентимиз эътироф этганларидай “халқнинг дарду ташвишлари билан яшаш одамийликнинг энг муҳим мезони”дир. Халқ хизматига маҳрам, дардига малҳам бўлиш шарафли бурч. Эл-юртимизнинг шодиёналарида ўз шеърлари билан, кўплаб таниқли қўшиқчи санъаткорларнинг репертуаридаги қўшиқлар матнининг муаллифи сифатида ҳамиша юрт хизматида ва ардоғида улар. Бу инсон Бобур Бобомуроддир.

Ҳар жума куни институтимизда ташкил этиладиган “Ибратли, истеъдодли, ижодкор инсонлар” рукнининг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими иқтидорли шоир Бобур Бобомурод бўлдилар. Шу ҳафтанинг ўзида учта таълим муассасасида талаба ва ўқитувчилар билан ижодий мулоқот уюштирганлари эътиборга ва таҳсинга лойиқ. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида, Тошкент Молия институтида, ДХХ институтида ўтказилган учрашувларнинг давоми сифатида институтимизда уюштирилган маърифий кеча ҳам катта аҳамиятга молик бўлди.

Шоир ўзининг янги ёзган шеърларидан ўқиб бериш асносида талабалар томонидан берилган саволларга ҳам аниқ ва мухтасар тарзда жавоб қайтардилар. Шоирнинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқларнинг моҳир ижрочиларидан таниқли, истеъдодли санъаткорлардан Бахтиёр Султонов ва Шербекларнинг чиқишлари даврага янада файз бахш этди.

Шоирнинг сўзи ҳамиша қанот боғлаб тиллардан тилларга кўчади, қанчадан қанча инсонлар унинг шеърларини ёд айтиб яйрашади, хиргойи қилиб қўшиқ қилишади. Ана шундай завқни бера оладиган шоирларимиздан саналган Бобур Бобомуроднинг ташрифи институтимиз жамоасини хушнуд этди.

“ГИМ” факультети “Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти