Сухандон - сўз сеҳргари

Ижодий учрашувлар ҳам аслида, ноанъанавий дарс ўрнида  аҳамиятлидир. Унинг таъсир кучи ҳам завқли, ҳам шавқли бўлади. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, ҳар куни бир хил таом ейдиган инсон ахийри, зада бўлади, табъи тирриқ бўлади. Шу боис турли истеъдод соҳиблари билан учрашиш таълим жараёнининг сифати ва самарасига дахлдордир. Сўз, нутқ, тил ҳодисаси қудратли қурол. Ундан унумли фойдалана олиш муваффақиятлар эшигини очади ва айни пайтда, инновацион ихтироларга гаровдир. 

Худди шу маънода, сухандон сўз сеҳргари ва заргари сифатида нутқдан ўринли фойдаланиши, нозик ҳис этиши билан алоҳида ажралиб туради. Сўз ўрнида, сидқидилдан ва вақтида айтилгани билан моҳият касб этади.

Шоир, диктор, ижодкор инсон Муслимбек Йўлдошев билан институтимиз жамоаси, педагог ва талабалар орасидаги ижодий мулоқот самимий тарзда кечди. "Ибратли, ижодкор инсонлар" рукнидаги учрашувнинг навбатдаги сонида меҳмони бўлган Муслимбек ака ўзининг ҳаётий ва ижодий фаолияти мисолида сўз хосияти ва нутқ моҳияти, дикторлик санъати борасида қимматли мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Улар "Сиз мени танийсиз", "Кўнглим кошонаси", "Мўминга бегона баҳор", "Дийдор ширин", "Сухандонлар" каби 10га яқин китобларнинг муаллифи сифатида ўз кабдошларига меҳр ва садоқат билан қарайдиган хокисор инсондир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали диктор, "Турон" фанлар академиясининг академиги Муслимбек Йўлдошев ўз ижодидан намуналар ўқиш асносида талабаларнинг қизиққан саволларига жавоб бериб ўтди. Тадбир қизиқарли ва анча жонли тарзда, самимий йўсинда ташкил этилгани билан алоҳида ажралиб турди.

Муслимбек ака қаламига мансуб бўлган ушбу тўртлик ўзларининг ижод йўлига, мухлисларига, нутққа меҳри ва муҳригина бўлиб қолмай, балки яратганга шукронаси ҳамдир.

Оллоҳим, беадад Ўзингга шукур,

Етқазган насиба, рўзингга шукур.

Нутқимга қаратдинг минг-минг қулингни

Қулингга бахш этган Сўзингга шукур.

 

 

"Гуманитар фанлар" кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов